ОАВ: Шуҳрат Ғаниевнинг Бош вазир ўринбосари бўлиши кутилмоқда

ОАВ: Шуҳрат Ғаниевнинг Бош вазир ўринбосари бўлиши кутилмоқда

Ozodlik
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев.

Шуҳрат Ғаниев Фарғона вилояти ҳокими лавозимидан озод этилади. Унинг Ўзбекистон Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиши кутилмоқда, деб хабар берди 25 сентябрь куни «Дарё» нашри ўз манбасига таянган ҳолда.

Хабарда айтилишича: “25 сентябрь куни халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилиши кўзда тутилган. Унда шу вақтгача Наманган вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келган Хайрулло Бозоров Фарғона вилоятининг янги ҳокими сифатида жамоатчиликка таништирилиши кутилмоқда”.

Нашрнинг ўз манбаларига таяниб билдиришича, Наманган вилояти ҳокими лавозимига ким тайинланиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ, бироқ 25 сентябрь куни бу ерда ҳам ҳудудий кенгашнинг навбатдан ташқари сессияси ўтказилиши, унда ташкилий масала кўрилиши айтилмоқда.

Орадан бир оз ўтгач "Кун уз" нашри ҳам ўз манбасига таянган ҳолда 2011 йилдан бери Фарғона вилоятини бошқариб келаётган Шуҳрат Ғаниев Бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланиши кутилаётганини билдирди.

"Ўз навбатида, 2017-2020 йилларда Наманган шаҳрига ҳокимлик қилган, айни вақтда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаётган Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимини эгаллаши кутилмоқда", - деб қўшимча қилди нашр.

24 сентябрь куни кечга яқин ижтимоий тармоқларда Шуҳрат Ғаниев Фарғона вилояти ҳокими лавозимидан озод этилгани тўғрисидаги хабарлар тарқалган эди.

Бироқ Фарғона вилоят ҳокими матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов бу ахборотни рад этган ва “Шуҳрат Ғаниев лавозимидан озод этилмаганини, айни пайтда ҳукумат йиғилишида иштирок этаётганини” ёзганди.

Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича аввалги ўринбосари Ўктам Барноев 20 сентябрь куни 56 ёшида вафот этди. Унинг коронавирусдан даволанаётгани маълум қилинганди.


Report Page