ШАРАФЛИ КАСБ ЭГАЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

ШАРАФЛИ КАСБ ЭГАЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ



Соғлиқни сақлаш вазирлигида энг улуғ ва энг азиз байрам — Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан фидокорона ва фаол меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ соҳа шифокорлари “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Мукофотларни соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов топширди.

Айтиш лозимки, мустақиллигимизнинг 28 йиллиги байрами арафасида кўп йиллардан буён фидокорона ва самарали меҳнат қилиб келаётган юртдошларимизнинг бир гуруҳи мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фармонига биноан Ватанимизнинг юксак мукофотлари — фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. Улар қаторида ҳаётимизда ғоят муҳим ўринга эга бўлган соғлиқни сақлаш соҳасида жонбозлик кўрсатиб келаётган 34 нафар ваташдошимиз давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлганини мамнуният билан таъкидлаш жоиз.

— Буни, аввало, давлатимиз раҳбарининг сўнгги уч йилда барча соҳа қатори, тиббиёт тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга кўтариш йўлида ўзини аямасдан меҳнат қилаётган, шифокор деган юксак номга ҳар томонлама муносиб бўлган фидойи инсонларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатига доимий эътибори ва ғамхўрлигининг яна бир амалий ифодаси сифатида қабул қиламиз,— деди тадбирда сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов. — Бугунги кунда қўлга киритаётган улкан ютуқларимизнинг амалий ҳосили ва мевасини юртимиздаги ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўзининг кундалик ҳаётида кўрмоқда, ҳис этмоқда, десак муболаға бўлмайди. Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, биринчи навбатда, мардона меҳнати, билим ва тажрибаси, ибратли фазилатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиб, аҳоли саломатлигини асрашда жонбозлик кўрсатиб келаётган сизлар каби минг-минглаб фидойи инсонлар кўз ўнгимизда намоён бўлади. Ҳар қандай мукофот — бу аввало эл-юрт, Ватан эътирофидир, Ватан ишончидир.

“Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишонига сазовор бўлганлар орасида Президентимиз ташаббуси билан “Меҳр” дастури асосида Сурия давлатидан ўзбекистонлик мигрантларни юртимизга қайтаришда ва уларга тиббий ёрдам кўрсатишда иштирок этган бир гуруҳ соҳа ходимлари ҳам бор. Шунингдек, Ўзбекистон тиббиёти тарихида биринчи бор бу рўйхатда хусусий тиббиёт муассасалари фаол вакилларининг ҳам борлиги аҳамиятга моликдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Report Page