Бугунги мавзу: Ипакни чуқур қайта ишлашни янада ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш

Бугунги мавзу: Ипакни чуқур қайта ишлашни янада ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш


Бугунги кунда Республика бўйлаб ҳар бир ҳудудда пиллачилик ва ипакчилик бўйича корхона ва фабрикалар ишга туширилди. Бугунги кунда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тизимида 650 мингга яқин одам меҳнат қилмоқда. Уюшма томонидан тизимда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг ҳаёт тарзини янада фаровонлаштириш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.


Шу боисдан “Ўзбекипаксаноат” уюшмасида уюшмага аъзо корхоналар ва уларнинг раҳбарлари билан мавсум якунлари ҳамда ипакни чуқур қайта ишлашни ривожлантириш мавзусида давра суҳбати ўтказилди.


Учрашувда уюшма бошқарув раиси Баҳром Шарипов сўзга чиқиб, ҳозирги кунда ипакни чуқур қайта ишлаш хар бир корхона учун долзарб вазифа эканлиги ва тизимда 2 ярим йил давомида олиб борилган ишлар ва айни пайтда йўл қўйилаётган хато - камчиликлар бўйича алоҳида тўхталиб ўтди. 


Ипакни чуқур қайта ишлаш, ундан ипак мато ва ипакли либослар тайёрлаш корхонага қўшимча даромад бўлибгина қолмай , минглаб янги иш ўринлари демакдир. Иш билан таъминланганларнинг хонадонларида иқтисодий манфаат ва фаровонлик, асосийси ҳаётдан, давлатдан миннатдорлик ҳиссини уйғотади.


Учрашувда Андижон вилоятидаги “RK silk” корхонаси томонидан тўқилаётган ипак матолар йиғилганларга намойиш этилиб, кореялик мутахассис томонидан тўқиш дастгоҳлари, ишлаб чиқариш ва матоларнинг сифати ҳамда тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича тақдимот ўтказилди.


Шунингдек ушбу учрашувда,Япониянинг MIMAKI компанияси вакили томонидан ипак матоларга гул босувчи замонавий дастгоҳларинни ипак матоларига гул босишда ишлатиш, уларнинг самарадорлиги ва ишлаш принципи бўйича ўз тавсияларини берди


Бундан ташқари “Picanol” компанияси вакили томонидан ипак мато тўқиш дастгоҳлари ва уларнинг афзалликлари борасида корхона раҳбарларига тўлиқ маълумот берди.


Зеро, дунё миқёсида рақобат кескинлашиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда ипакчилик соҳасини илм-фан ютуқлари, юқори технологиялар асосида модернизация қилиш ва янгилаш энг муҳим вазифамизга айланмоқда. Соҳани илмий ишланмалар ва олимлар кўмагисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боисдан уюшма Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан мустаҳкам алоқа ўрнатилган.


Бугун йиғилишда техника фанлари доктори, профессор Алимова Ҳалима Алимовна қатнашди ва корхоналарда сифатли ипак газламалар ишлаб чиқариш ҳамда уларни сифатини назорат қилиш бўйича маълумот берди.



Report Page