ҲАР БИР ҲОМИЛАДОР АЁЛ СКРИНИНГ КЎРИГИ БИЛАН ҚАМРАБ ОЛИНМОҚДА

ҲАР БИР ҲОМИЛАДОР АЁЛ СКРИНИНГ КЎРИГИ БИЛАН ҚАМРАБ ОЛИНМОҚДА


Она ва бола саломатлигини асраш тиббий-ижтимоий ислоҳотларнинг муҳим йўналиши бўлиб, бу борадаги тизимли чора-тадбирлар самарасида фертил ёшдаги аёллар, болалар, ўсмирларга тиббий хизмат кўрсатиш сифати йил сайин яхшиланмоқда. Хусусан, бугунги кунда бирламчи тиббий-санитария муассасаларининг барчасида “Аёллар маслаҳатхонаси”, Кўп тармоқли марказий поликлиникаларда “Пренатал скрининг хоналари”, Вилоят кўп тармоқли болалар марказларида “Қизлар саломатлик маркази” фаолият юритаяпти.

Жорий йилда давлат бюджети ҳисобидан 200 та энг замонавий ультратовуш текшируви аппаратлари харид қилиниб, туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларнинг пренатал ташхис хоналари ушбу юқори технологик имкониятга эга аппаратлар билан жиҳозланди. Натижада, илгари ҳомиладор аёллар пойтахтимиз ёки вилоят марказларига боришган бўлса, ҳозирги кунда ўз яшаш жойидан текширувдан ўтиш имконияти яратилди. Бундан ташқари, авваллари ҳомиладор аёлларимиз ультратовуш текшируви билан 40-50 фоиз қамраб олинган бўлса, айни пайтда юртимиздаги барча ҳомиладор аёллар юз фоиз скрининг текшируви билан қамраб олинмоқда.

Бирламчи тиббиёт тизимига бундай замонавий тиббий хизматнинг жорий этилиши пренатал текширувни аҳолига яқинлаштиришда муҳим қадам бўлди. Эндиликда ҳомиладор аёлларнинг УТТ текширувига жалб этиш уч босқичда ташкил этилаяпти. Шуни айтиш жоизки, мамлакатимизда бундай замонавий тиббий текширувлар оналар ва болалар учун бепул ўтказилади.

Бундан ташқари, тиббий-генетика хизматини янада ривожлантириш, скрининг марказларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, туғма ва ирсий касалликларнинг бирламчи профилактикасини кучайтириш мақсадида Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳудудий скрининг марказларида цитогенетик лаборатория ташкил этилди. Бу лаборатория ирсий касаллик ҳисобланган хромасом синдромларни барвақт аниқлашда юқори самарадорликка эга.

Бундай муҳим чора-тадбирлар туфайли оналар ва болалар саломатлик кўрсаткичини янада яхшилаш ва аҳоли тиббий-ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга эришилмоқда.  

                                       

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

         

Report Page