Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:


КАСБИ ТУМАН ТИББИЁТ БИРЛАШМАСИ БИНОСИ ҚАЙТА ТАЪМИРЛАНИБ, ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ


Куни кеча Қашқадарё вилоят Касби туманида Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан туман тиббиёт бирлашмасининг биноси қайта реконструкция қилиниб, бутунлай янгича кўринишда фойдаланишга топширилди.

170 ўринга мўлжалланган, барча қулайликка эга, 4 қаватли янги бинода Инвестиция дастури доирасида 5 миллиард 200 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган. Айни пайтда бу ерда 360 ўринга мўлжалланган шошилинч тиббий ёрдам, режали хирургия, неврология, кардиология, травматология, терапия, физиотерапия гинекология, юқумли касалликлар, болалар, ички дорихона, туғруқхона, ҳомиладорлик патологияси ва қабул бўлимлари фаолият кўрсатмоқда.

Бирлашмада бугунги кунда ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак, ўт-қоп касалликлари, буйрак ва қувуқдаги тош касалликлар, шунингдек, гинекологик, травматологик сингари йўналишларда йилига қарийб 1500 га яқин мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Бу эса туман аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Эътиборли жиҳати, жорий йил бошида инвестиция дастури доирасида Касби туман тиббиёт бирлашмасининг марказий кўп тармоқли поликлиникаси 1 миллиард 600 миллион сўм, юқумли касалликлар бўлими 1 миллиард 400 миллион сўм, стерилизация бўлими 734 миллион сўм, қабул бўлими ҳамда кутиш зали 680 миллион маблағ эвазига қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилган эди.

Ҳозирги кунда ҳудудда 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 7 та оилавий поликлиника ва 5 та қишлоқ врачлик пунктлари қарийб 200 минг аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Оилавий поликлиникалар ҳамда ҚВП тор соҳа мутахассислари билан таъминланган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, сўнгги пайтларда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришга ажратилаётган маблағлар йилдан-йилга кўпаймоқда. 2019 йилда соҳага 12,1 триллион сўм йўналтирилди, бу ўтган йилдагига (9,6 триллион сўм) қараганда 1,3 баробар кўпдир. Жорий йилда 231 та тиббиёт объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бунинг учун давлат бюджетидан 972 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.


Report Page